Пахтачилик мажмуини ислоҳ қилиш ва таpмоқлараро иқтисодий мутаносибликни шакллантириш муаммолари

“Пахтачилик мажмуини ислоҳ қилиш ва тармоқлараро иқтисодий мутаносибликни шакллантириш муаммолари” номли монографияда бозор муносабатларининг шаклланиши даврида қишлоқ хўжалиги, жумладан, пахтачилик мамлакатда нисбий барқарорлигини таъминлаш манбаи сифатида салмоқли ва муҳим ўрин эгаллаган ва дунё мамлакатлари амалиётида исботланган, иқтисодий ривожланишнинг дастлабки босқичларида макроиқтисодий барқарорлик иқтисодиётда аграр соҳа салмоғининг юқорилиги ҳолатлари изоҳланган ва исботланган. Пахтачилик мажмуи тармоқлари ўртасидаги иқтисодий муносабатларнинг бозор тизими талабларига мосланмаганлиги оқибатида ягона пировард мақсад учун ишловчи бозор субъектларида (ҳозирги тилда кластер субъектларида) иқтисодий самарадорлик ва банд ходимларнинг моддий манфаатдорлиги кўрсаткичлари ўртасида асоссиз фарқланиш келиб чиққанлиги сабаблари изоҳланган. Пахтачилик тармоғининг мажмуа ишлаб чиқариш ва меҳнат ҳаражатларидаги салмоғи ўта юқори бўлгани ҳолда пахта ишлаб чиқаришдан қишлоқ хўжалик корхоналарининг хўжалик йилини зарар билан якунлашлари мажмуада иқтисодий муносабатлар, яъни баҳо механизми, молия-кредит ва солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилишни тақазо этиши лозимлиги назарий, услубий ва амалий жиҳатдан асослаб берилган. Пахтачилик мажмуасига кирувчи корхоналари миқиёсида ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолашнинг, амалиётдаги ёндашувлардан кескин фарқ қилувчи, микроиқтисодий ва макроиқтисодий ёндашувларнинг методологик асослари ишлаб чиқилган.

Asosiy mavzular

  • Кириш: Мавзунинг долзарблиги, мамлакат биринчи Президенти томонидан ишлаб асослаб берилган Ўзбекистонни бозор иқтисодиётига ўтишнинг беш тамойили негизида олиб борилаётган ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳисобланган иқтисодиётни барқарорлаштириш асосида мамлакат иқтисодий мустақиллигини амалда таъминлаш биринчи навбатда қишлоқ хўжалигида бу борада олиб борилаётган тадбирлар билан боғлангандир.
  • I. Боб. Бозор иқтисодиётини шаклланиши шароитида хўжалик юритиш механизмини тадқиқ қилиш ва уни такомиллаштиришнинг назарий-услубий асослари: Бозор муносабатларини шаклланишининг хусусиятлари ва тежамли хўжалик юритиш механизмининг назарий асослари.
  • II. Боб. Иқтисодиётда пахтачилик мажмуининг тутган ўрни ва ижтимоий ишлаб чиқариш самарадорлигини баҳолаш: Республика ҳудудида пахтачилик мажмуи тармоқларини жойлаштириш ва ривожлантиришнинг асослари ва иқтисодий оқибатлари.
  • III. Боб. Пахтачиликда ишлаб чиқаришнинг ашёвий ва шахсий омилларини мос келиши қонуни ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари ва бирламчи бўғинларда бозор тамойилларини шакллантириш: Пахтачилик тармоғи ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини кенг қамровли ривожланишини таъминлаш.
  • IV.Боб. Пахтачилик мажмуи тармоқларида иқтисодий номутаносиб ривожланишнинг асослари ва такрор ишлаб чиқариш жараёни мутаносиблигини таъминлашнинг ташкилий-иқтисодий воситалари: Пахтачилик мажмуи тармоқлари иқтисодий самарадорлиги ва уларда иқтисодий омиллардан фойдаланиш даражасини нисбий тенглаштиришнинг ташкилий-иқтисодий асослари.